Сайт тест режимида ишламоқда Сайт работает в тестовом режиме

Категориялар

Қидирув

САЙҒОҚ (ОҚ ҚУЙРУҚ)

Кўриниши

Тарқалиши


Мақоми

1(CR): Бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турган жуда ноёб тур. ТМХИнинг Қизил рўйхатига киритилган [CR A2acd], {CR A2acd}.

Тарқалиши

Устюрт ясси текислиги (Қорақалпоғистон), Шарқий ва Жанубий Оролбўйи, Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудлари. Ўтмишда: Шимолий Қизилқум, Сирдарё қайирлари, жумладан, Фарғона водийсининг текислик қисми. Ўзбекистондан ташқарида: Қозоғистон, Россия, Туркманистон, Мўғулистонда – бошқа кенжа тури.

Яшаш жойлари

Чўллар ва яримчўллар. Қумли жойларни ёқтирмайди.

Сони

Ўтмишда жуда кўп сонли бўлган. 1990 йиллардан бошлаб сони 99,5 % га қисқариб кетди. Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларидан кўчиб ўтувчи сайғоқлар сони ҳар йили об-ҳаво шароитига боғлиқ равишда ўзгариб туради. Кўчиб юрувчи Устюрт популяциясининг умумий сони 2016 йилда 1900 тани ташкил этди. Оролбўйи ва Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудларидаги алоҳида подалари сони тахминан 200 тага етади.

Яшаш тарзи

Пода ҳосил қилади ва мавсумий кўчиб юради. Катта ёшли эркак сайғоқ ўртача 10–15 та, энг кўпи 50 тагача бўлган урғочи сайғоқни ўзи билан эргаштириб юради. Декабрь ойида жуфтлашади. Кейинги йилнинг апрель ойи охирида ва май ойи бошида 1–2 тадан болалайди. Урғочиси 1–1, 5 йилда, эркаги 2–2,5 йилда жинсий вояга етади. Ўт ўсимликлар ва ярим буталар билан озиқланади.

Чекловчи омиллар

Браконьерлик, табиий яшаш жойларининг хўжалик мақсадида ўзлаштирилиши ва у ерларда турли ғовлар (чегара тўсиқлари, автомобиль ва темир йўллар, газ қувурлари) пайдо бўлиши туфайли уларни йўқолиб кетиши ёки ажралиб қолиши, ҳудуднинг аридлашуви ва ёввойи туёқлилар ўтламай қўйгани учун яйловлар сифатининг ёмонлашуви, ноқулай об–ҳаво шароитлари (қаҳратон қишлар, ёзги қурғоқчиликлар), йиртқичлар (бўри) томонидан таъқиб қилиниши, касалликлар.

Кўпайиш холати

Россия, Қозоғистон, Хитой ва Украинада парваришхона шароитида кўпайтирилади.

Муҳоваза чоралари

Овлаш тақиқланган. СИТЕСнинг II Иловасига киритилган. Ўзбекистон ҳам бу борада Қозоғистон Республикаси билан сайғоқни сақлаб қолиш, тиклаш ва барқарор фойдаланиш бўйича ўзаро англашув Меморандуми ҳамда сайғоқларни сақлаб қолиш ва кўпайтириш бўйича Ҳукуматлараро битим имзолаган. Айни пайтда “Сайгачий” мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси ҳудудида муҳофаза остига олинган. Браконьерликка қарши курашни кучайтириш, ҳудудий муҳофазасини яхшилаш, чегара тўсиқлари ва нефть–газ сектори, йўл–транспорт инфратузилмаси таъсирини камайтириш, трансчегаравий ҳамкорлик ҳамда уларни асраб қолишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш бўйича чора–тадбирларни амалга ошириш зарур.