Сайт тест режимида ишламоқда Сайт работает в тестовом режиме

Категориялар

Қидирув

ЖЎРЧИ

Кўриниши

Тарқалиши


Мақоми

2(VU:D): Заиф, камайиб бораётган, мозаик тарқалган тур. ТМХИ Қизил рўйхатига киритилган [EN].

Тарқалиши

Кўҳитанг, Боботоғ, Ҳисор, Бойсунтоғ, Чотқол, Қурама, Писком, Туркистон тоғлари, Зарафшон тоғининг ёнбағирлари, Қизилқум чўлининг марказий қисми, Нурота тоғ тизмаси тармоқлари, Устюрт ясси текислиги, Амударё қайирлари. Ўзбекистондан ташқарида: Жанубий Европа, Шимолий Африка, Арабистон яримороли, Жанубиғарбий ва Марказий Осиё. Канар ороллари ва Ҳиндистонда – бошқа кенжа турлари.

Яшаш жойлари

Тянь-Шань ва ПомирОлойнинг арид тизмалари атрофи ва чўл пасттоғлари. Уялашда тарқалишининг юқори чегараси денгиз сатҳидан 1300-1500 метрдан ошмайди, уялаш якунлангандан сўнг унча кўп бўлмаган миқдорда 2500-2700 метргача кўтарилади. Жўрчи ин учун жой танлашида емиш қидириш мумкин бўлган яйловли очиқ жойлар ёки қишлоқлар яқинлиги муҳим саналади.

Сони

1990-2000 йилларда сони Ўзбекистонда 200 жуфт атрофида дея баҳоланган. Ҳозирги вақтда – 135-140 жуфт. Бундан Кўҳитанг ва Боботоғда – 37 жуфт, Ҳисорда – 25 жуфт, Бойсунтоғда – 15 жуфт. Қолган жойларда анча кам: Чотқолда – 13 жуфт, Пискомда – 4 жуфт, Қурамада – 1 жуфт, Туркистон тоғида – 6 жуфт, Зарафшон тоғи ёнбағирларида – 2 жуфт, Қоратепа тоғида – 3 жуфт, Нуротада – 12 жуфт, Писталитоғда – 2 жуфт, Қизилқум чўлининг марказий қисми – 11 жуфт, Устюрт ясси текислигида – 2 жуфт, Амударё қайирларида – 2 жуфт. 2000-2010 йилларда жанубий ҳудудларда сони тахминан 26 % га қисқарган. Глобал популяцияси тахминий ҳисоб-китобларга кўра 20- 61 минг бўлган ушбу ноёб қуш тури камайиб бормоқда.

Яшаш тарзи

Уялаш учун март ойида учиб келади. Қишлов учун учиб кетиши сентябрьоктябрь ойига тўғри келади. Қоя ва жарликларнинг ўйиқларига ин қуради, кўпинча бошқа йиртқичларнинг ташландиқ инларидан фойдаланади. Апрель ойининг иккинчи ярмидан май ойининг ўртасигача 2 та, баъзан битта тухум қўяди. Полопонлари 35-38 кунда тухумдан чиқади. Ҳаётининг 5-7 йилларида жинсий вояга етади. Асосий емишлари – бўғимоёқлилар, судралиб юрувчилар ва майда сутэмизувчилар (кўпинча ўлаксалари), чорвачилик чиқиндилари ва озуқа чиқитлари. Ёш қушларнинг сезиларсиз қисми мамлакатнинг жанубий ҳудудларида қишлаш учун қолади.

Чекловчи омиллар

Майда чорва моллари бош сонининг қисқариши ва чорвачилик усулларининг такомиллашуви туфайли озуқа ресурслари камайганлиги; кўпайиш мавсумида таъқиб қилиниши ва нотинчлиги. Ветеринария препаратлари (диклофенак) билан заҳарланганлиги ҳам эҳтимол қилинади.

Кўпайиш холати

Ҳайвонот боғларида кўпайтирилади.

Муҳоваза чоралари

Овлаш тақиқланган. Чотқол, Нурота, Ҳисор ва Сурхон қўриқхоналарида, Угом-Чотқол ва Зомин миллий табиат боғида муҳофаза остига олинган. СИТЕСнинг II Иловасига киритилган. 2011 йилда Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти томонидан турни сақлаб қолиш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси тайёрланган.