Сайт тест режимида ишламоқда Сайт работает в тестовом режиме

Категориялар

Қидирув

ОҚБОШ ЎРДАК

Кўриниши

Тарқалиши


Мақоми

1(EN): Йўқ бўлиб кетаётган, учиб ўтувчи-уяловчи тур. ТМХИ Қизил рўйхатига киритилган [EN].

Тарқалиши

Жанубий Оролбўйи (уялаш, кўчиш), Бухоро вилоятидаги сув ҳавзалари (номунтазам уялаш); Амударё ва Сирдарё водийси, жумладан, Фарғона водийси, Марказий Қизилқум, Мирзачўл (учиб ўтиш); Денгизкўл (қишлаш), Ҳадича, Зикри кўллари, Тўдакўл сув омбори (номунтазам қишлаш). Ўзбекистондан ташқарида: Ғарбий Сибирь жануби, Қозоғистон, Волга дарёсининг қуйи қисми, Туркманистон, Туркия, Покистон (уялаш); Жанубий Европа, Шимолий Африка, Озарбайжон, Эрон, Покистон ва Ҳиндистон (қишлаш).

Яшаш жойлари

Текисликдаги серқамиш чучук ва нимшўр кўллар.

Сони

Сони беқарор бўлган мазкур тур даврий равишда йўқолиб кетиш хавфи остида қолади. 1930-йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистонда 30 мингдан ортиғи яшар эди. Ўтган асрнинг 60-йилларидан сўнг оқбош ўрдак Ўзбекистонда учрамай қўйган. Аср охиригача турнинг Ўзбекистонда уялашига оид маълумотлар бўлмаган. Судочье кўлида 2000 йилда 2 мингтаси (Дунёдаги популяциясининг 15% и) уялаган ва ёзни ўтказган; учиб ўтишда –3 мингдан зиёд. Сўнгги йилларда Судочье кўлида бир неча ўнлаб жуфти уялаган. 2015 йилда Судочье кўллар тизимига кирувчи Қоратаранг кўлида уялаш бошида 38 та бўлган. Ушбу тур қушларнинг қишлови ҳам барқарор эмас. Денгизкўлда 2001-2005 йилларда 1107-5135 та қишлаган (дунёдаги популяциясининг 30% и). Жанубий сув ҳавзаларида жами 5144 таси қишлаган. Ўта совуқ келган қишдан сўнг 2009 йилдан 2012 йилгача қишлов учун қолишмаган. 2012 йилда яна қишлаш учун қолиб, жами 312 та қуш қишни шу ҳудудда ўтказган. Кейинги йилларда қишловчи қушлар сони ортган ва 2015 йилда уларнинг умумий сони 2236 тага етган. 2016 йили октябрь ойида Денгизкўл ва Еттикўлдаги йирик галаларда 10 мингдан ортиқ экани кузатилди. Қишлаш учун бир неча юзтадан мингтагача бўлган йирик галалар етиб келади. Оролбўйидан учиб ўтишда – кўпи билан бир неча ўнлаб бўлган кичик гуруҳлар ҳосил қилади. Денгизкўлда 2012- 2015 йиллари ёзги пайтда ҳам бир қанчаси учраган (тахминан 20 та).

Яшаш тарзи

Баҳорги учиб ўтиши – мартапрель ойида. Қирғоқдаги қамишзорларда ерга ин қуради; май ойида 6-10 та тухум қўяди ва 25-27 кун босиб ётади. Полопонлари август-сентябрь ойларида уча бошлайди. Кузги учиб ўтиши – октябрда, ноябрдан март ойигача қишлайди. Сув ўтлари ва сувда яшовчи умуртқасизлар билан озиқланади.

Чекловчи омиллар

Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида сув режимининг ўзгариши (сув ҳавзаларининг қуриб қолиши, қамишзорлар йўқолиб кетиши) оқибатида яшаш жойларининг йўқ қилиниши, ўта совуқ келган қишлар ва қурғоқчилик, браконьерлик (тўр билан балиқ овлаш).

Кўпайиш холати

Англия парваришхоналарида кўпайтирилади.

Муҳоваза чоралари

Овлаш тақиқланган. Судочье, Денгизкўл ва Тузкон кўли буюртмахоналарида муҳофаза остига олинган. СИТЕС нинг II Иловасига ва Бонн конвенциясининг II Иловасига киритилган.