Сайт тест режимида ишламоқда Сайт работает в тестовом режиме

Категориялар

Қидирув

ТУРКИСТОН ОҚ ЛАЙЛАГИ

Кўриниши

Тарқалиши


Мақоми

3(NT): Заифга яқин, қисман ўтроқ учиб ўтувчи турнинг Туркистон кенжа тури. ТМХИ Қизил рўйхатига киритилган [LC].

Тарқалиши

Популяциянинг асосий қисми Чирчиқ ва Оҳангарон дарёларининг оралиғи, Сирдарёнинг ўрта оқими, Фарғона водийсида тўпланган, баъзан баландлиги денгиз сатҳидан 1500 метргача бўлган пасттоғларда ҳам учраши мумкин. Зарафшон водийси бўйлаб Зиёвуддингача тарқалган. Туркистон тоғлари этакларида ва Қашқадарёда бир қанчаси сақланиб қолган, бироқ авваллари бу жойларда учратиш одатий ҳол бўлган. Хоразм ва Бухоро воҳаларида йўқолиб кетган. Популяциянинг бир қисми Сирдарёнинг ўрта оқимида (Тошкент ва Сирдарё вилояти, Фарғона водийси) қишлайди. Ўзбекистондан ташқарида: Тожикистон, Қозоғистон, Қошғар ва саноқли ҳолларда Туркманистонда (уялаш); Эрон, Ҳиндистон ва Шри-Ланкада (қишлаш). Европа, Африка ва Ғарбий Осиёда – бошқа кенжа тури.

Яшаш жойлари

Воҳалар, суғориладиган майдонлар, ботқоқлар, дарё бўйлари. Электр узатиш линиялари ҳал қилувчи аҳамият касб этади, бинобарин, популяциянинг 82% дан ортиғи айнан уларга уя қуради.

Сони

1960-1980-йилларда марказий ва жануби-ғарбий Ўзбекистонда учраши одатий эди, ҳозирда шарқий популяцияларигина сақланиб қолган. 1,5 минг жуфти уялайди (жаҳон популяциясининг 70–80 %и), ундан 95%и – Фарғона водийсида; бир неча юзтасигина қишлайди. 2005 йилгача Ўзбекистонда 745 жуфт уялаган, уларнинг 452 жуфти Фарғона водийсига тўғри келган. 2015 йилда мамлакатда уяловчи жуфтларнинг умумий сони 721 тани ташкил қилган, улардан Фарғона водийсида – 70 таси, Тошкент вилоятида – 496 таси, Сирдарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятида – 153 таси, Қашқадарё вилоятида – 4 таси бўлган. Умумий сони 2500-2700 та деб тахмин қилинади.

Яшаш тарзи

Баҳорги учиб ўтиши – февраль-март ойларида. Кузги учиб ўтиши эса август ойининг охири ва сентябрь ойининг бошларига тўғри келади. Асосан, электр узатиш тизими таянчларида колония бўлиб уялайди. Кейинги ўнйилликда бир қаватли уйлар томига (жами уяларнинг 3% га яқини), минорали кранлар, уяли алоқа антенналари ва сув минораларига (6% га яқин) уя қўйган ҳоллар кўпайган. Дарахтларга уя қўйиши асосан Фарғона водийсида қайд қилинган (5,8%). Апрель-май ойларида 3–5 та тухум қўяди ва 32–34 кун босиб ётади. Кўп йиллик маълумотларга кўра ўртача 2,7 та тухум очиб чиқади. 2015 йилда бу кўрсаткич 1,9 га тенг бўлган. Умр давомийлиги 16–17 йил. Ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшовчи жониворлар, майда балиқлар, судралиб юрувчилар ва сувда яшовчи умуртқасиз жониворлар билан озиқланади.

Чекловчи омиллар

Ерларнинг қишлоқ хўжалиги мақсадида жадал ўзлаштирилиши, деҳқончиликда пахта яккаҳокимлиги ҳукм суриши ва суғориш тизими модернизацияси натижасида табиий яшаш жойлари таназзули. Электр узатиш тизимларидаги уяларининг бузиб ташланиши.

Кўпайиш холати

Номинатив кенжа тури ҳайвонот боғларида муваффақиятли кўпайтирилмоқда.

Муҳоваза чоралари

Овлаш тақиқланган. Популяцияни бошқариш бўйича илмий асосланган чоралар қўллаш зарур. 2015 йилда Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти томонидан кенжа турнинг Ўзбекистонда тарқалиши бўйича кадастр тайёрланди.